среда, 11 марта 2015 г.

Боланинг бегонаси



        Ҳар сафар жамоат транспортига чиқсам “болажон халқ”миз деб даъво қилинган ҳақиқатнинг оғриқли манзараларига гувоҳ бўламан. Қиш. Изғиринли кун. Йўналишли такси навбатдаги бекатга кириб келяпти. Бекатда фақатгина учинчи ёки тўртинчи синф ўқувчиси совқотиб ўтирибди, бошқа хеч ким йўқ. Машрутка тўхтамади,салон ичидан эса кимдир баланд овозда гапирда: “ҳой, бола қолиб кетди”. Ҳайдовчи эса жавобан “қолса қолибдида,ярим пулига охиригача кетади” деб тўнғиллади.
          Илиқ куз ойлари. Узоқдан машруткани кўрган биринчи ёки иккинчи синф ўқувчиси – қизалоқ бекат томон югуриб борарди. Машрутка эса бекатда тўхтамай ўтиб кетди. “Жой бор эди” – деди нуроний отахон. Ҳайдовчи эса асабий кесатди: “пулини сиз тўлайсизми,отам?!”                 Транвайнинг тақа-туқига эътибор қилмаслик учун қулоқчинимни тақиб,қулоқларимни беркитиб олганман, аммо... Кўзойнагим йўқлиги панд берди, кўзларимни беркита олмадим. Чиптачи аёл бир болакайни силтаб турарди. Нима гаплигига қизиқиб,қулоқчинимни қулоқларимдан олдим: “Яна юз сўм!” – деб ўшқирарди ҳалиги аёл,болакай эса опа бошқа пулим йуқ эди деб ҳижолат тортарди. Чиптачи хотин бўлса,баттар авжига чиқарди: пулинг бўлмаса нега чиқдинг ? Туш, йўқол! Болажон эса ялинишга ўтди. “Бу аёлнинг хам фарзанди бормикан,бировнингжигарбандини бунча хўрламаса! Шу юз сўмни тиланчига осонгина бериб юборадику,бола бечора тиланчидан ҳам хор бўлдими?!” Мен мана шу ўйларни ўйлагунимча уларга яқинроқ ўтирган ёшгина бир келинчак ўша юз сўмни бемеҳр чиптачига узатди ва баланд овозда – сатқайи аёл – деди.
            Баҳорнинг ҳушбўй кунлари. Амаки,кейинги бекатгача кетсам бўладими? Ялт этиб эшик ёнида турган чиптачига қарадим. У эса пинагини ҳам бузмай йўқ деди. Автобус ўрнидан жилди,уни маюс кўзлари билан кўзатиб қолган болакайга қарарканман, юрагим эзилди. У оқсаб-оқсаб борарди...
            Ўйлаб қоламан: Юртимизда болалар манфаатлари ва ҳуқуқлари бўйича бир қатор ижобий ишлар амалга оширилаётган бир пайтда, бундай холатларга нима дейиш мумкин? Айб кимда? Фарзандини етарли маблағ билан таъминламаган ёхуд таъминлай олмаётган ота-онадами,ёки тирикчилик важидан меҳр-мухаббат,раҳм- шавқат каби инсоний туйғуларини йўқотган, боланинг бегонаси бўлмаслигини унитиб қўйган айрим юртдошларимиздами?!


 Нозима Акбарова 
 “Орзу Акбар”

Комментариев нет: