воскресенье, 29 марта 2015 г.

O’tgan kunga


Bir kun o’tdi bor yo’gi bir kun
Bir imkon quladi umrim toqidan
Bir kun  o’tdi  bor yo’g’i bir kun
Bu kunlik orzularim judo mohidan
Bir kun o’tdi bor yo’g’i bir kun
Bir kapalak tug’ildi o’ldi
Bir kun o’tdi bor yo’gi bir kun
Tabiat bir qarolik oldi
Bir kun o’tdi bor yog’i bir kun
Bittaga kamaydi kunlarim
Bir kun o’tdi bor yog’i bir kun
Yana tug’ildi o’gay tunlarim
Bir kun o’tdi bor yo’g’i bir kun
Bir qadam yaqinman endi osmonga


Nozima Akbarova 
"Orzu Akbar"

вторник, 17 марта 2015 г.

Дунё музликлардан иборат!

Дунё музликлардан иборат! Ҳар холда мен шундай уйлайман.
Шу сабабдан «океан орти» «океан олди» «океан ўртаси»  давлатларида оқибат,диёнат раҳм-шавқат каби инсоний тушунчалар йўқолиб бормоқда. Шу сабабдан   бугун айрим давлатлар қирғин қуролларини ошкора ва яширин кўз-кўз қилмоқдалар. Шу сабабдан одамлар одамларни молдай сотмоқдалар. Яна шу сабаб қондош қондошнинг қонин ичмоқда.
Дунё музликлардан иборат. Ҳар холда мен шундай ўйлайман. 
Агар сиз айни дамда кимгадир ачинсангиз,кимгадир кўмак истасангиз,ўзга дарди ила оғринсангиз ўзингиз бахтли хис этаверинг. Чунки, ҳали сизнинг қалбингизда қуёш мавжуд,ҳали ўзингизни йўқотмагансиз.

Шошилинг! Мудроқ кўзларингизни очинг! Оламга қалбингиз  қуёшини  улашинг.! Унитмангки  дунёни даҳшатли музликлардан олисдаги самовий қуёш эмас, айнан оташ қуёш қалбларгина қутқариб қолади. Оташ қуёш қалблар..!





Нозима Акбарова
"Орзу Акбар"

Ойнинг қоронғу томони



Халқимизда каттага хурмат,кичикка иззат деган нақл бор. Яна шундай ҳам дэйишади:бир каттанинг бир кичикинг гапини ол.Хўш, бу ўгитлар бугунги кун ҳаётимизга қанчалик яқин ва нечоғлик ўзини оқламоқда.
Талабалик йилларимда бир аёлни танир эдим. Юз кўзларидан кўпни кўрган,доно аёлга ўхшарди-ю,бир ёмон одати бор эди. Нуқул ёшларнинг бесаломлигидан  нолирди. Салом берганимда бошини билинар билинмас силкитарди-да, салом берма ўтсам ота-онанг табрия бермаганми деб койирди, ҳайрон қолардим.
Баъзида эса айрим чипта аёлларнинг муомиласидан жамоат транспортига чиқишга хижолат бўлардим. Бундай аёлларнинг оғизидан чиқаётган маза-матрасасиз гаплару, беҳаё сўзлар қулоқни қоматга келтиради. Беиҳтиёр жирканиш билан сатқаи аёл кет деб юборганингни билмай қоласан киши.
Бундан ташқари транспорт воситаларида ёнидаги шеригига ўзининг ёки бошқа бировнингоилавий ҳаётини икир-чикиригача айтиб ўтирадиган катталарни кўриб,тарбиянинг гўзал қисми: “ уйдаги гап кўчага чиқмасин” нақли қаерда қолаётганини жумбоқ бўлиб қолади.
Бугун қизларни “ оммавий маданият”га тақлид қилишда айблаётган айрим аёллара қараб: аввал ўзинга боқ,кейин ноғора қоқ дегинг келади. баъзиларини  эса  телерадио ва газета саҳифаларида вазхонлик қилишни севимли одат қилиб олган бўлсаларда, кўча - куйда кўрсангиз “ ёш қиз”дан фарқи йўқлигини кўриб ҳайратланасиз. Бундай холатларни кўриб эса ҳаёлнинг минг бир кўчасида битта савол ғужғон ўйнай бошлайди. Булар қандай тарбия кўрган, қандай тарбия беради ёхуд тарбия талаблари фақат ёшларгами?! Нега биз қийшиқ ўсаётган дарахт шохларини кесишга, уни тўғри ўсишига кўмак беришга харакат қилмаймиз. Ахир бундай  дарахтлар остида, нихоллар, майсалар униб келмоқда. Уларни сояда, қуёш нурларисиз нобуд бўлишдан асрамоғимиз керак эмасми,?!
Шундай экан,айбни ёшларга ағдаргувчи катталар шуни унутманки, ойнинг доғлари фақатгина ёруғ томонида кўринади,аммо унинг қоронғу томони хам бор...



 Нозима Акбарова

"Орзу Акбар"

среда, 11 марта 2015 г.

Ҳайқириқ


      Инсон яралганда Аллох унга икки юзни чирой, ҳаё кабилар учун берган эди. Дастлаб бу юзлардан ҳаё қочди,кейин қон қочди. Қизиллик йўқолди, андиша ўлди. Аллох юз деб берган азо бугун ниқобга айланди. Ха, ха хохлагандан ўзгартириш мумкин бўлган оддий ниқобга. Ундан бирор бир ифода ўқий олмайсан , топа олмаймасан бирор бир туйғу.
    Термуласан, тикиласан… Асабларинг эса ғарбнинг айрим раққосларидек жазавага туша бошлайди. Дод дейсан, дооод дейсан. Тишларинг эса метин қўрғон, додинг додлаб ичингда қолади. Қулоқларинг бўлса, ўзини ўзи беркитади. Ёлғонлардан эмас, тишларинг ғижиридан чарчайди у. Ғазабинг бармоқларинга кўчади. Шарқ -шурқ,қарс-қурс – бўгинларинг раққос асабларинга куй чала бошлайди. Охири толиққан нигохларинг киприклар ортига беркинади. Кўзларинг юмилсада, кўраверасан… кўраверасан…
    Нима у сени оғритган? Бу юзнинг жонсизлигими ва ёки орсизлигими? Нега тишларинг ғижирини “қуллуқ”қа айлантирасан? Нега уларини очмайсан? Нима фарқинг колади ундан,нима?! Ахир бир юзи сенда бўлган бу каснинг иккинчи юзи бошқадаку! Оч унинг юзини,юлиб от ниқобини! Қутқар, ўз ўзингни фожиадан қутқар!
    Икки юзламачи… у сирли душманданда хавфли. Унинг нафақат юзи балки юраги хам виждони хам ниқобга айланган. Хиссиёти йўқ унинг ,фақат хисоб - китоб бор . Асабий бармоқларингни харакатга келтирма, унинг юзи оғримайди ахир! Қўлларинг етса виждонига ур! Силта! Уйғот! Ғижирламасин тишларинг,тишласин – юрагини тишласин!
   Чекинма! Уни уйғотиш кўлингдан келмаса хам кураш! Ўзинг учун кураш! Ғафлатга қарши, мудроққа қарши кураш! Юзингни ўлиб колишига қарши,виждонинг нурашига қарши кураш! Зеро, сенга қараган киши жирканмасин,терс кетмасин. Сени кўрганда кулсин,кўргиси келсин,рахмат десин:
ЎЗИНГ УЧУН,
 ЎЗЛИГИНГ УЧУН!!!




 Нозима Акбарова 
"Орзу Акбар"

Боланинг бегонаси



        Ҳар сафар жамоат транспортига чиқсам “болажон халқ”миз деб даъво қилинган ҳақиқатнинг оғриқли манзараларига гувоҳ бўламан. Қиш. Изғиринли кун. Йўналишли такси навбатдаги бекатга кириб келяпти. Бекатда фақатгина учинчи ёки тўртинчи синф ўқувчиси совқотиб ўтирибди, бошқа хеч ким йўқ. Машрутка тўхтамади,салон ичидан эса кимдир баланд овозда гапирда: “ҳой, бола қолиб кетди”. Ҳайдовчи эса жавобан “қолса қолибдида,ярим пулига охиригача кетади” деб тўнғиллади.
          Илиқ куз ойлари. Узоқдан машруткани кўрган биринчи ёки иккинчи синф ўқувчиси – қизалоқ бекат томон югуриб борарди. Машрутка эса бекатда тўхтамай ўтиб кетди. “Жой бор эди” – деди нуроний отахон. Ҳайдовчи эса асабий кесатди: “пулини сиз тўлайсизми,отам?!”                 Транвайнинг тақа-туқига эътибор қилмаслик учун қулоқчинимни тақиб,қулоқларимни беркитиб олганман, аммо... Кўзойнагим йўқлиги панд берди, кўзларимни беркита олмадим. Чиптачи аёл бир болакайни силтаб турарди. Нима гаплигига қизиқиб,қулоқчинимни қулоқларимдан олдим: “Яна юз сўм!” – деб ўшқирарди ҳалиги аёл,болакай эса опа бошқа пулим йуқ эди деб ҳижолат тортарди. Чиптачи хотин бўлса,баттар авжига чиқарди: пулинг бўлмаса нега чиқдинг ? Туш, йўқол! Болажон эса ялинишга ўтди. “Бу аёлнинг хам фарзанди бормикан,бировнингжигарбандини бунча хўрламаса! Шу юз сўмни тиланчига осонгина бериб юборадику,бола бечора тиланчидан ҳам хор бўлдими?!” Мен мана шу ўйларни ўйлагунимча уларга яқинроқ ўтирган ёшгина бир келинчак ўша юз сўмни бемеҳр чиптачига узатди ва баланд овозда – сатқайи аёл – деди.
            Баҳорнинг ҳушбўй кунлари. Амаки,кейинги бекатгача кетсам бўладими? Ялт этиб эшик ёнида турган чиптачига қарадим. У эса пинагини ҳам бузмай йўқ деди. Автобус ўрнидан жилди,уни маюс кўзлари билан кўзатиб қолган болакайга қарарканман, юрагим эзилди. У оқсаб-оқсаб борарди...
            Ўйлаб қоламан: Юртимизда болалар манфаатлари ва ҳуқуқлари бўйича бир қатор ижобий ишлар амалга оширилаётган бир пайтда, бундай холатларга нима дейиш мумкин? Айб кимда? Фарзандини етарли маблағ билан таъминламаган ёхуд таъминлай олмаётган ота-онадами,ёки тирикчилик важидан меҳр-мухаббат,раҳм- шавқат каби инсоний туйғуларини йўқотган, боланинг бегонаси бўлмаслигини унитиб қўйган айрим юртдошларимиздами?!


 Нозима Акбарова 
 “Орзу Акбар”

вторник, 10 марта 2015 г.

Chiziq va chegara


Bugun uzog’imizni yaqin qilishda hizmat qilayotgan ravon yo’llarimizda turli afisha va e’lonlarga ko’zimiz tushаdi. Shulardan biri  “yo’l qoidasi umr foydasi” shiori yozilgan bannerlardir.  Darhaqiqat yo’l qoidalariga amal qilishimiz hayotimiz havfsizligini 80-90 foiz himoya qiladi.  Ammo, tanganing ikki tomoni bor degandek…
Bir kun odatdagidek yo’lni kesib o’tishni boshladim. Yo’lning o’rta chizig’iga ham yetib keldim. Endi na ortga qayta olaman,na oldinga yura olaman.  Chiziq ustidan esa bir neksiya rusumli mashina katta tezlik bilan kelardi.  Mashina shunchalik qattiq tormoz oldiki,shinalar “tamom” degandek chiyillab yubordi. Haydovchining baqir –chaqiridan hushim joyiga keldi:  - Uv ahmoq, naga qochmisan? Yo’linga qarab yur! Sekin oyoqlarim ostiga qaradim: hali ham o’rta chiziq ustidaman. O’zimni tutishga har qancha urinmay  haydovchiga qarab baqirib yubordim : menku yo’limda turibman,o’zingiz o’pkangizni bosib oling! Yana shinalar chiyilab ketdi. O’ylab qolaman, yo’l qoidasini bilmaydigan, bilsa ham pisand qilmaydigan bunday oliftalarga haydovchilik guvohnomasini kim bergan ekan-a?
Bundan tashqari gohida avtobusga ham chiqishga qo’rqasan kishi. Chunki yengil mashinalar,yo’nalishni taksilar avtobuslarni shunday quvib o’tadiki, tormoz zarbidan orqa tarafdagi yo’lovchilar oldingi qisimga kelib qolay deydi. Hayron qolasan, bular qayerga shoshadi. Yo’l qoidalariga rioya qilsa ham yetib boradiki o’sha manzilgan. Agar shunday qoida buzarlik, shoshmashorlik vaqtida biror falokat yuz bersa manzili shifoxonag aylanmasligiga kim kafolat beradi. Kichik va tor yo’llar maylikuya, havfsizlikni ta’minlash maqsadida borgan sari kengaytirilayotgan yo’llarda ham o’rta chiziq ustidan yurishlariga nima deyish mumkin. Nahotki shunday katta yo’lda ham ularga yo’l yetmasa. Qo’yib bersang ba’zi bir haydovchilar yo’l o’rtasidagi temir to’sig’-u barderlarning ustidan ham mashinasini haydab o’tadi. Yo’l qoidasini buzgan holda piyodalar,hamkasblarini haqoratlab,DAN hodimlarini mensimasdan turli asab buzarliklarni keltirib chiqarishini qanday oqlash mumkin?
 Yurtimizda harakat havfsizligiga qaratilayotgan chora tadbirlar, qabul qilinayotgan qonun va qarorlar, ularning ijrosi natijalari quvonarli hol albatta. Ammo shuni unutmasligimiz kerak-ki barchasi o’z qo’limizda. O’zimizning va o’zgalar hayotiga befarq bo’lmaylik. Zero, yo’l o’rtasidagi chiziq hayot va mamot o’rtasidagi chegara aylanib qolmasin!
Nozima Akbarova
"Orzu Akbar"