Суратга қаранг нимани кўряпсиз?
Эндичи?
Унинг вужуди сўроқ
Унинг нигоҳи сўроқ
Унинг киприклари сўроқ
Унинг сўроғи битта – айбим нима?!
Кеча...
У жуссасига оғирлик қилсада портефелини мағрур кўтарарди....
У жажжигина қўлчалари билан сув тўла челакни дадил кўтарарди...
У кичкина одамча бўлсада катталардек шахдам юрарди...
У... у покликнинг беғуборликнинг хавас ва интилишнинг нозик кўриниши (эди).
Бугун ....
Унинг вужуди сўроқ
Унинг нигоҳи сўроқ
Унинг қалби сўроқ...
Мактабда:
- ...
- Болам нега жимсан, соғинмадингми? (саволим шунча оғирми негадир унинг эгик боши яна эгилди)
- ...
- Келганимдан хафамисан,ё келмайинми? Келма десанг келмайман...(елкаларидан тутиб силтайман... овозим бўғилади). У шошиб бошини кўтаради – йўқ, йўқ келинг,амма...
- Уни бағримга босаман қулоқларим оғир хурсиниқдан титраб кетади: Айбимиз нима? Вужудим оғирлашиб қолди. (нозиккинамнинг нозик жуссаси қачон бунча оғирлашди?!) Оғир хайрлашаман... у қолади, ортимга боқаман : кўз олдимда бахтли болакай эмас, бутун бир вужуд - сўроқ турарди – Айбимиз нима?!
Боғчада:
- Аям, аяжоним... (у мени шундай чақиради) бағримга шодлик отилади.
- Гунешим мани... (уни шундай эркалайман) Бағримдаги бахт, уни қуйиб юборгим келмай, юз кўзларидан ўпаман.
- Нега кеча келмадингиз соғиндим! ( Фаришталар соғинчни қандай англашар экан-а?)
- Кеча тушимда сизни кўриб йиғлади. (фаришталар ҳам ғамдан йиғлар эканда?!)
- Яна қачон бирга яшаймиз – бағримдаги қоракўз қувонч саволга айлана бошлайди. Дастлаб киприклар эгилади, сўнг нигоҳларда ўт сўнади, кейин... кейин энг оғир юкданда оғир миттигина бошча елкам эзади. Уни ўзимга қаратиб мунчоқ- мунчоқ кўзига қараб дейман : ҳали ҳаммаси яхши бўлади,ҳали яна бирга яшаймиз... хафа бўлма аканг ҳам хафа бўлмасин... яна алла нималарни тушунтираман, ўзим тушунмаган алла нималарни. Тушунтириб бўламанда... Дахшат... дахшат!!! Яна ўша савол – айбимиз нима?!
Икки қора кўзим - икки сўроғим
Икки сўроқдаги битта саволим – АЙБИМИЗ НИМА?
Йўлда:
Нега сиздан болалигингизни тортиб олишди? Нега беғубор саволларингизга дард кўчди? Нега уйингиздан,жигарларингиз бағридан юлиб олишди? Нега сизни ўйлашга мажбур қилишди? Нега,нега.... АЙБИНГИЗ НИМА?!
Айбингиз?..
У дадангизни алдади. У бахтингизни сотди. У ҳаммамизга хиёнат қилди. У сизларни тортиб олди, хўрлади. У сизлардан фойдаланди, сизларни қалқон қилди...
Айбингиз?..
Отангиз унга ишонди,уни севди. Биз унга ишондик, кутмадик. Сиз уни яхши кўрдингиз...
Айбингиз?..
ЙЎҚ, СИЗДА АЙБ ЙЎҚ! АЙБ БИЗДА - КАТТАЛАРДА!
Уйда:
Йиғлайман, кийимларини бағримга босиб, босиб йиғлайман. Мен болаларим (жиянларим)ни кўргим келади( сўроқларни эмас). Улар томон яна ошиқмоқ истайман...
Хозир:
Буларни нега ёздим,нима учун ёздим, нима демоқчиман? Эҳтимолки кўнглимни ёрдим, эхтимолки ўзимга сиғмадим... Эхтимолки кўз ўнгимда соядаги гулдек сўлаётган икки мурғак юракларнинг саволлари менга оғирлик қилди... Эхтимолки улар каби елкангизга осилиб хурсинмоқ истадим... Эхтимолки...
ИЛОҲИМ БОШҚА БОЛАЛАР “СЎРОҚ”ҚА АЙЛАНМАСИНЛАР!!!
Нозима Акбарова
"Орзу Акбар"
Комментариев нет:
Отправить комментарий